12-та ислоҳот сабоқлари

uzbek
reforms
Фойдали сабоқлар. Агар қулоқ солинса.
Author

Umidjon Abdullaev

Published

August 31, 2020

Машҳур Петерсон институти томонидан чоп этилган собиқ коммунист блоки давлатларида бўлиб ўтган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар ҳақидаги китобни ўқиганда, бир қизиқ рўйхатга кўзим тушиб қолди (The Great Rebirth: Lessons from the Victory of Capitalism over Communism). Бу рўйхатда ўтказилган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар тажрибаси асосида тузилган 12-та сабоқ ва хулосалар акс эттирилган. Китобдаги бобларни фақатгина тадқиқотчи иқтисодчилар эмас, балки шу давлатларда ислоҳотларни амалга оширган сиёсатчи ва иқтисодчилар ҳам ёзган (масалан, Лешек Балцерович ва Михаил Саакашвили).

Тахмин қиламанки, кимдир китобда жамланган хулоса ва сабоқлар билан бутунлай рози бўлмаслиги мумкин (айтайлик, сиёсий қарашларга зид бўлиши ёки етарлик даражада илмий талабларга жавоб бермаслиги сабабли). Нима бўлганда ҳам, менга бу рўйхат жуда қизиқарли туюлди. Бу сабоқларни шу постда кўрсатиб ўтаман, қисқа изоҳлар билан. Агар бир қатор собиқ коммунист блоки давлатларида иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар қандай кечганлиги (ёки ҳали ҳам ижобий натижаларга олиб бормаганлиги) ҳақида кўпроқ билмоқчи бўлсангиз, китобни тавсия қиламан.

1. Ислоҳотларни олиб бориш суръати жуда муҳим. Муаллифларга кўра, муҳим ислоҳотлар – макроиқтисодий барқарорликка эришиш, қонун талабларини юмшатиш (яъни дерегуляция), хусусийлаштириш ва ҳоказолар – тез ва бир вақтнинг ўзида ўтказилиши лозим. Айримлар шундай ислоҳотлар ўтказиш ёндашувини “шок терапияси” деб аташади (одатда салбий муносабат билан). Лекин тажрибага кўра, кўп холларда фақат тез, чуқур ва кенг қамровли ислоҳотлар сезиларли ўзгаришларга олиш бориши мумкин. Ислоҳотларнинг қандайдир афзал бўлган тартиби ҳам йўқ. Яна бир қизиқ томони шундаки, вақт ўта бориб ислоҳотлар билан боғлиқ бўлган кўпгина техник масалаларга аниқ ечим ёки жавоб бўлиши ҳам жуда муҳим бўлмаслиги аниқ бўлган. Тезлик ва туб ўзгаришларни ўтказиш иродаси анча муҳимроқ. Айтганча, китобга кўра Лешек Балцерович ва Вацлав Клауснинг “шок терапияси” атамасига қарашлари жуда салбий. Уларнинг сўзларига кўра, бу атамани одатда ислоҳотларга тўсқин бўлган томонлар ишлатади.

2. Аҳолининг хулқ-атворини ўзгартириш қийин, демак ҳукумат вакиллари ўзлари (тез) ўзгаришлари лозим. Бу хулосанинг мағзи шундаки, жамиятда янги иқтисодий стимуллар пайдо бўлган бўлса ҳам, аҳолида йиллар давомида ривожланган одатлар ва ёндашувларни тез ўзгартириш қийин бўлиши мумкин (асосан, иқтисодий масалалар устида гап кетганда). Демак, туб ўзгаришлар биринчи навбатда ҳукумат вакиллари орасида бўлиши керак.

3. Янги иқтисодий тизимга ўтишнинг илк йилларида энг катта муаммо бу коррупция ва рента бўлган. Иқтисодий назарияда “рента” бу жуда кенг тушунча ва, қисқа қилиб айтганда, қилинган иқтисодий сармоядан ортиқ олинган даромадни англатади (яъни, сармоя қилинган ишлаб чиқариш ресурсларидан одатда олинадиган фойдадан ортиқроқ миқдори). Лекин бу китобда рента тушунчаси торроқ маънога эга ва у айрим бозор иштирокчилари ёки ҳукумат вакиллари томонидан қонун механизмларини ўз фойдасига ишлатиб “меҳнат” қилмасдан олинган даромадни англатади (яъни, олинган даромадга яраша капитал ёки бошқа ресурсларни жалб қилмасдан). Бунинг мисоллари ҳар хил бўлиши мумкин. Масалан, сунъий равишда рақобатни чеклаш орқали олинган қўшимча даромад рента деб аталиши мумкин (айтайлик, импорт чекловлари орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан олинган қўшимча даромад). Одатда қонунларни шахсий ёки давлат монополияларини яратиш мақсадида ўзгартириш рента пайдо бўлишига олиб келади. Пора олиш имконияти ҳам рентанинг бир тури.

4. Ислоҳотларнинг илк йиллари ўта муҳим (Барцелович томонидан “ажойиб сиёсат” деб номланган давр) – ё ислоҳотларни амалга ошириш иродаси, ёки рента манбаларини топиш илинжи ғолиб чиқади. Собиқ Эстония бош вазири айтганидек “[Ислоҳотларни ўтказишда] кутиш - бу панд бериш деганидир”.

5. Бозор муносабатларига ўтиш жараёнининг илк йилларида раҳбарлик қобилияти катта аҳамиятга эга, ижтимоий институтлар раҳбарлар ишини назоратга олгунча. Ислоҳотларнинг илк йилларида кучли раҳбарлик қобилияти тез ва сезиларли натижаларга етиб бориш учун жуда муҳим эканлиги намоён бўлганн. Масалан, муаллиф Дэниел Трейсман муҳим ислоҳотларни ўтказишда 1990-чи йилларда Россияда Егор Гайдарнинг ва Полшада Лешек Балцеровичнинг ўринлари катта бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтган.

6. Корхоналарга қараганда давлат ташкилотларини ислоҳ қилиш анча қийинроқ. Давлат идораларининг иш услуби ва ёндашувини ҳамда қоида ва қонунларни ўзгартириш анча вақт ва меҳнат талаб қилади. Муаллифларга кўра давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш осонроқ ва тезроқ ижобий натижаларга олиб бориши мумкин (масалан, иқтисодий тармоқларда рақобатни ошириб ва корхоналарни хусусийлаштириш орқали).

7. Бир неча давлатларда хавфсизлик идоралари эски элитанинг энг зарарли вакиллари бўлиб чиқди. Муаллифлар хавфсизлик идораларига бундай тавсифни уларда шаффофлик йўқлиги ва, шу билан бирга, улар катта кучга эга бўлганлиги сабабли берган (айниқса, Россия ва Болгарияни мисол қилиб келтириб). Давлат иштирокидаги корхоналар раҳбарлари, давлат идоралари ишчилари ва бошқалардан фарқли ўлароқ, хавфсизлик идораларида ислоҳотларга қаршилик кучлироқ бўлганлиги кузатилган.

8. Иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли ўтказишда демократик тизим ўрни жуда катта, чунки у шаффофлик, жамият назорати ва очиқ матбуот борлигини таъминлайди Илмий тадқиқотларда ҳам демократик ўзгаришлар иқтисодий ўсиш ва ислоҳотларга олиб бориши кўрсатилган. Масалан, яқинда чоп этилган тадқиқотда Аcемоглу ва бошқалар (2019) худди шу натижа эконометрик таҳлил орқали кўрсатилган. Шу билан бирга, таъкидлаб ўтиш лозимки, демократизация ва иқтисодий ўсиш орасидаги боғликлик ва сабабият йўналиши қандай экан деган саволга 100 фоиз аниқ жавоб йўқ (икки томонлама бўлиши мумкин). Масалан, мавзуга бағишланган шарҳда ҳам, Трейсман (2020) шуни таъкидлаб ўтган. Иқтисодий ривожланиш ва ўсиш демократизацияга олиб борганлиги айрим илмий тадқиқотларда кўрсатилган ва демократик ўзгаришларсиз муҳим иқтисодий ислоҳотларни олиб борган давлатлар ҳам бор (масалан, Сингапур). Лекин аксарият ҳолларда сабабият йўналиши демократик ислоҳотлардан иқтисодий ислоҳотлар ва ўсишга эканлиги тадқиқотларга аниқланган. Агар бу саволлар сизни қизиқтирса, юқорида айтиб ўтилган мақолалардан ташқари, мана бу шарҳни (Робинсон, 2006) ва шу мақолани ҳам тавсия қиламан.

9. Қачон муҳим ислоҳотларни ўтказиш имконияти бўлишини олдиндан деярли айтиб бўлмайди. Кенг қамровли ислоҳотларни ўтказиш имконияти кутилмаганда пайдо бўлиши мумкин. Коммунизм тизимининг 1989-чи йилда Шарқий Европа давлатларида қулаб бошлаши, Совет Иттифоқининг 1991-чи йилда қулаши ва 1990-чи йиллардан буён кўп собиқ коммунист давлатларида бўлаётган ўзгаришлар кўп кузатувчилар томонидан кутилмаган. Муаллифларнинг фикрларига кўра шундай сиёсий ўзгаришларга тайёр бўлиш лозим (иқтисодий масалаларни очиқ муҳокама қилиб, ислоҳот дастурлари ва таклифларини тайёрлаб). Балцеровичнинг ўзи ҳам шунга бир мисол. Унинг сўзларига кўра, у Полшада 1989-чи йилда бўлиб ўтган сиёсий ўзгаришларни кутмаган, лекин барибир 1980-чи йиллар бошидан бир қатор замондошлари билан иқтисодий муаммоларни муҳокама қилиб, келажак учун ислоҳот таклифларини тайёрлаган (уларни амалга ошириш учун сиёсий муҳит бўлмаган бўлса ҳам). Бундай ишлар кенг аҳоли орасида ҳам иқтисодий ва ижтимоий масалалар ҳақида тушунишни ошишига ва ислоҳотларни қабул қилинишига ҳисса қўшиши мумкин (агар, албатта, шундай ишлар натижаларини кенг оммага хавфсиз тақдим қилиш иложи бўлса). Шу билан бирга, ислоҳотлар ўтказиш хоҳиши ва иродаси бу биринчи навбатда сиёсий масала (ва иккинчи навбатда бу технократик жараён ва тайёргарликнинг ўзи етарли эмас).

10. Ислоҳотларни ўтказиш асосий турткиси миллий яъни мамлакат ичида бўлиши керак. Ривожланаётган давлатларда ислоҳотлар ўтказиш уринишларида одатда халқаро молия ва ривожланиш ташкилотларининг ҳиссаси сезиларли бўлади (масалан, кўп холларда Жаҳон Банки, Халқаро Валюта Жамғармаси, Европа Тараққиёт ва Тикланиш Банки, Осиё Ривожланиш Банки ва бошқалар томонидан бериладиган техник ёрдам орқали). Бу ёрдам фойдали бўлиши мумкин, лекин ислоҳотларни асосий амалга оширувчи куч давлатнинг ўзи бўлиши керак. Бу ислоҳотларнинг қабул қилиниши ва, керак бўлса, мамлакатнинг ўзига хос вазиятларига мос қилинишини таъминлайди. Халқаро ташкилотлар томонидан берилган маслаҳатлар миллий вазият ва чекловларга мос келмаганлиги мисоллари анчагина (айниқса, тавсиялар бир неча давлатларга бир қолип асосида берилган бўлса). Китобда ислоҳотларни муваффақиятли ўтказган давлатларда ҳам техник масалалар устида Жаҳон Банки ёки Халқаро Валюта Жамғармаси билан бўлган келишмовчиликлар ҳақида ёзилган (масалан, Полша ва Чехияда).

11. Мамлакатда қанчалик иқтисодий ва ижтимоий ҳолат қийинроқ бўлса, шунчалик ислоҳотлар кўлами кенгроқ ва чуқурроқ бўлиши керак. Лекин, бу ислоҳотларни ўтказиш қийинроқ бўлишини англатади. Шу билан бирга, ислоҳотлар чуқур ва кенг қамровли бўлиш кераклиги дегани, уларни умуман амалга ошириб бўлмаслигини англатмайди. Грузияда 2003-чи йилдан буён бўлиб ўтган ўзгаришлар бунга далил. Қанчалик давлатдаги ҳолат 2000-чи йиллар бошларида қийин бўлмасин, Грузия ҳукумати бир неча соҳаларда ислоҳотларни ўтказишда катта ютуқларга эриша олди (масалан, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг буткул ислоҳоти).

12. Собиқ коммунист блоки давлатларида олдинроқ бошланган ислоҳотлар бекор қилиниши ёки орқага қайтарилиши намуналари ҳам бор. Ислоҳотлар ҳақида гап кетганда, одатда улар ижобий натижаларга олиб боради ва янги ҳолат ўзгармайди деган тахмин бўлади. Афсуски, собиқ коммунист давлатларида ислоҳотлар бекор қилиниши ва ўзгаришлар салбий йўналишга ўгирилиши ҳоллари кузатилган ва уларни ҳозир ҳам кузатса бўлади. Шундай давлатларнинг мисоли тариқасида, китоб муаллифлари Россия ва Венгрияни келтиришган. Бу икки давлатда ислоҳотлар суръати пасайган ва салбий йўналишда бўлаётган ўзгаришлар ҳам бор. Бундан ташқари, алоҳида соҳаларда бўлиб ўтган салбий ўзгаришлар мисоли тариқасида Қозоғистон ва Полша (нафақа тизими) ҳамда Болгария (нафақа тизими, электр таъминоти) айтиб ўтилган.